Спорт | 10:31 / 26.04.2016
1583
2 дақиқада ўқилади

Ҳарри Кейн: «Умид қиламанки, «МЮ» кейинги турда «Лестер»га ютқазиб бермайди»

«Тоттенҳэм» жамоаси ҳужумчиси Ҳарри Кейн «Вест Бромвич»га қарши очко йўқотилган ўйиндан кейин, «шпорлар»нинг турнир жадвали пешқадами «Лестер»дан 7 очкога ортда қола бошлаганига муносабатини билдириб ўтди.

«Ҳали ҳеч нарса йўқотилганича йўқ. Биз охиригача кураш олиб борамиз. Бу ўйинда ғалаба қозонишимиз кераклигини билардик, лекин дуранг ўйнаб қўйдик. Бундан жуда хафамиз.

Бизда етарлича яхши имкониятлар бўлганди. Биринчи таймдаёқ барчасини ҳал қилишимиз мумкин бўлганди. Иккинчи бўлимдаги ўйинимиз эса қовушмади.

Агар иккинчи бўлимда ҳам биринчи бўлимдаги каби ўйнаганимизда эди, биз осонлик билан ғалабага эришардик. Лекин бу футбол. Бизда имконият сақланиб қолган экан, курашишда давом этамиз.

Кейинги ўйинда «Челси»га қарши қийин учрашув ўтказамиз. Умид қиламанки, «Манчестер Юнайтед» бизга ёрдам беради ва «Лестер»га ютқазмайди», – деган Кейн.

Қолган 3 турда «Лестер» «МЮ», «Эвертон» ва «Челси» жамоларига қарши ўйинлар ўтказади. «Тоттенҳэм»нинг рақиблари эса «Челси», «Саутҳемптон» ва «Ньюкасл».

Қайд этиш керакки, «Тоттенҳэм»нинг ашаддий рақиблари «Челси» футболчилари ҳамда мухлислари бу жамоанинг чемпион бўлишини умуман истамаяпти. Аввалига Фабрегас, кейинроқ Эден Азар шу ҳақда айтиб ўтишган.