5 нафар шахсни Қозоғистонга олиб ўтган одамфуруш қўлга олинди
Норимон Қадамов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) одамфурушлардан бири. Ҳеч қаерда ишламайдиган, ижтимоий меҳнат билан шуғулланмайдиган Норимон енгил даромад топиш манбаларини излай бошлади. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.
Қоп-қоп ваъдалар, яъни яхши иш ва яшаш шароити, катта маош ваъда қилиб, беш нафар шахсни Қозоғистон Республикасига олиб ўтган Норимон йигитларнинг фуқаролик паспортларини олиб қўйди. Ҳар ойда 600 АҚШ доллари миқдорида ойлик олишга ишонган йигитлар “Тенгиз” деб аталувчи чўл ҳудудидаги қурилиш объектида тутқун бўлдилар.
“Бир йилдан зиёд итдай ишладик. Саломатлигимиздан айрилдик. 10 650 АҚШ доллари миқдорида ҳақ олишимиз керак эди. Бир тийин ҳам олмадик”, дейди жабрланувчилардан бири.
Афсуски, бу ҳаммаси эмас, Н.Қадамов жиноий шериги У.Ражабова билан тил бириктирган ҳолда ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсни шаҳвоний эксплуатация қилди, порнографик маҳсулотларни намойиш қилиш каби жиноятларга қўл урди.
Қилмиш-қидирмиш. Н.Қадамов одил суд олдида жавоб берди ва тегишли жазога тортилди.