Спорт | 16:01 / 27.04.2016
2518
2 дақиқада ўқилади

Николай Марков: «Ўзбекистон терма жамоасида ўйнаш учун жиддий таклиф олмаганман»

Асли ўзбекистонлик бўлган Россиянинг «Краснодар» клуби ҳимоячиси Николай Марков Ўзбекистон миллий терма жамоасига чақирилиши имкониятлари борасида гапириб ўтди.

«Ўзбекистон терма жамоасига Вадим Абрамов бош мураббий бўлган пайтларда мен билан алоқага чиқишганди. Лекин, таклиф жиддий бўлмаган. Ўша пайтларда «Краснодар» сафида таркибга муқим ўрнашиш ҳаракатида эдим.

Россия клубларида легионерлар билан боғлиқ алоҳида лимит ва чекловлар мавжуд.

«Краснодар» ўртамиёна жамоа эмас ва клубда юқори савиядаги кўплаб футболчилар борлиги сабаб рақобат жуда кучли. Асосий таркибдан жой олиш учун кучли кураш кетади. Шунинг учун мен жиддий бўлмаган таклифга катта эътибор бермаганман. Бундан ташқари, Абрамов билан Тошкентнинг «Трактор» клубида ўйнаган вақтимдан алоқаларимиз яхши эмасди. Ҳозир ҳам мабодо, Ўзбекистон термасидан таклиф тушадиган бўлса яна юқоридаги жиҳатга эътибор қаратишга тўғри келади.

Ўзбекистон термасининг ўйинларини доим кузатиб боряпман. Чақирув масаласига келсак, жаҳон чемпионатида майдонга тушиш ҳар бир футболчида бўлгани каби мен учун орзу.

«Ўзбекистон - ватаним. Умуман олганда, миллий терма жамоада ўйнаш - ҳар бир футболчининг бурчи деб ҳисоблайман. Агар мураббийлар штабидаги расмий шахслар мен билан жиддий тарзда қизиқадиган бўлса, бу масалада суҳбатлашишга тайёрман», дея Марковнинг сўзларидан иқтибос келтиради Uff.uz интернет нашри.

Маълумот учун, ўз вақтида Тошкентнинг «Трактор» жамоасида тўп сурган Марков ҳозирда Россия фуқароси сифатида «Краснодар» сафида тўп суриб келмоқда. Агар у Ўзбекистон терма жамоаси сафида майдонга чиқадиган бўлса, Россия чемпионатида легионерга айланиши ва кучли рақобат туфайли майдонга тушиш имконияти пасайиб кетиши мумкин бўлади.

Интервью олувчи: Элмурод Эрматов