FT: Англия банки Буюк Британиянинг ЕИдан чиқиши эҳтимолига ҳозирлик кўрмоқда
Англия банки Буюк Британиянинг умумхалқ референдуми натижасига кўра, Европа Иттифоқи таркибидан чиқиши эҳтимолига тайёргарлик кўрмоқда, деб ёзмоқда Financial Times газетаси.
Нашр маълумотларига кўра, Англия банки мамлакат Иттифоқ таркибидан чиқиши эҳтимоли туфайли июнь ойида банк тизимининг етарли захирасини йиғиш мақсадида 3та валюта аукциони ўтказишни режалаштирган.
Монетар сиёсат қўмитаси аъзоси Майкл Сондерснинг айтишича, Британия Умумий Европа уйидан чиқадиган бўлса, фунт стерлинг жиддий босим остида қолади. Хусусан, фунтнинг Британия асосий савдо ҳамкорлари миллий валюталарига нисбатан қадрсизланиши 20 фоизгача етиши мумкин.
Бундан ташқари иқтисодчиларнинг фикрича, Буюк Британияда ЕИдан чиқиш масаласи бўйича референдум ўтказилиши сабабли Англия банки молиявий инқироз бошланганидан бери илк маротаба фоиз ставкаларини пасайтиришга мажбур бўлиши мумкин.