Бразилия суди WhatsApp’ни уч кунга тўсиб қўйишни буюрди
Бразилия суди мамлакат ҳудудида WhatsApp мессенжерини уч кунга тўсиб қўйиш қарорини чиқарди. Бу ҳақда O Globo нашри хабар бермоқда.
Қарор 26 апрелда чиқарилган ва 2 майдан кучга кирди. Унинг таъсири Бразилиянинг 5 та асосий мобиль операторига тааллуқли бўлади, уларга 3 кун ичида мессенжердан келаётган маълумотларни узатиш тақиқланади. Қарорни бузган операторлар 500 минг реал (140 минг долларга яқин) жаримага тортилади.
Аввалроқ ҳам Бразилия суди ушбу мессенжерни тўсишни талаб қилганди. WhatsApp’нинг 48 соатлик тўсилиши давомида Telegram мессенжерига бир неча миллион янги фойдаланувчи қўшилгани аниқланган.
Марк Цукерберг ўша ҳолатни "Бразилия учун қайғули кун" деб атаганди. Оқибатда Бразилия полицияси Facebook’нинг Лотин Америкасидаги бўлими вице-президенти Диего Дзоданни ҳибсга олиб, ундан жиноий ишлардан бири бўйича гумонланувчининг WhatsApp орқали ёзишмаларини ошкор қилишни талаб қилганди.