“Ғарбий Ўзбекистон гидрогелогия экспедицияси” Давлат корхонасидаги қинғир ишлар очиб ташланди
“Ҳуқуқ” газетасининг 17-сонида келтирилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 17 январдаги “Геологияқидирув ишларини ташкил қилишни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар Давлат қўмитасининг 2007 йил 25 январдаги 11-сонли буйруғига мувофиқ “Ўзбекгидрогеология”ДГҚнинг тузилмавий бўлимлари таркибидан ажратиш йўли билан мустақил “Ғарбий Ўзбекистон гидрогелогия экспедицияси” Давлат корхонаси сифатида қайта ташкил этилган.
Давлат корхонасида бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши ўрганилганда, Тошкент Давлат техника университети талабаси Т.Михлиевни 2013 йилдан 2016 йил 1 январгача бўлган даврда 0,5 ставка техник гидрогеолог вазифасига, Ўзбекистон Миллий университети талабаси Н.Раҳимовни 2014 йилдан 2016 йил 1 январгача бўлган даврда 0,5 ставка техник гидрогеолог вазифасига ишга қабул қилиб, аслида ишламаган бу икки шахсга асоссиз равишда 9 млн. 849,6 минг сўм маош тўланганлиги аниқланди.
Жавобгар шахслар корхонага қарашли “Мангузар” гидро-геология партияси томонидан 2012-2015 йиллар давомида Сурхондарё вилояти ҳудудида бажарилган ишлар бўйича тузилган далолатномага 37 млн. 649 минг сўмлик бажарилмаган ишларни қўшиб ёзадилар. Шунингдек, улар ушбу партия томонидан бажарилган ишлар бўйича тузилган далолатномада ҳам такрор “ўз услуб”ларини қўллаб, 22 млн. 27 минг сўм миқдорида ортиқча маблағ сарфини киритишади.
Корхонага қарашли Қизилқум Гидрогелогия станцияси томонидан 2015 йил давомида Навоий вилояти ҳудудида бажарилган ишлар бўйича 57 млн. 531 минг сўмлик қувурлар ўрнатилганлиги қайд этилган бўлиб, аслида ҳисобхона ҳисоботлари бўйича қувурлар харажати 50 млн. 446 минг сўмни ташкил этади.
Корхона омбор мудири Қ.Мардоновнинг жавобгарлигида бўлган 262 минг 725 сўмлик нефть маҳсулотларида камомадга йўл қўйилганлиги аниқланди.
Корхона маъмурияти 191 нафар ишчи-ходимнинг 2015 йил декабрь ва 2016 йилнинг январь ойи учун 272 млн. 628 минг сўмлик иш ҳақини тўлаш чорасини кўрмаганлиги аниқланиб, қарздорликни ундириш борасида фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро судига ариза киритилди.
Корхона қоровули М.Ражабовнинг 2015 йил 22 апрелида моддий ёрдам ажратиш тўғрисидаги мурожаати ўрганиш кунига қадар кўриб чиқилмаган. Шунингдек, ишчилар А.Пўлатов, М.Ибрагимова ва Ж.Ҳайитоваларнинг мурожаатлари ҳам вақтида ўрганилмай на жавоб хати юборилган ва на қаноатлантирилган.
Қонунлар ижроси юзасидан ўтказилган текширишлар натижасига кўра, қонунга зид равишда қабул қилинган буйруқларга нисбатан 5 та протест келтирилди. Аниқланган қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш тўғрисида 1 та тақдимнома киритилиб, 3 нафар шахсга нисбатан маъмурий, жиддий қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 1 та жиноий иш қўзғатилди.