Жамият | 13:27 / 04.05.2016
23990
2 дақиқада ўқилади

Актриса Бипаша Басунинг тўйига Болливуднинг машҳур юлдузлари ташриф буюрди

Болливуд актрисаси ва супермодели Бипаша Басу 30 апрель куни актёр Каран Сингх Гроверга турмушга чиқди. Никоҳ маросими Мумбайда бенгал урф-одатларига кўра ўтказилди.  

Жуфтликни оила қурганликлари билан табриклаш мақсадида тўй маросимига Болливуднинг энг таниқли юлдузлари ташриф буюрди. Жумладан, меҳмонлар орасида Шоҳрух Хон, Салмон Хон, Прити Зинта, Сонам Капур, Ранбир Капур, Табу, Сушмита Сен, Дино Мореа каби юлдузларни ҳам учратиш мумкин эди. 
Шунингдек, Бипашани табриклаш мақсадида кечага Амитабх Баччан ўғли Абхишек ва келини Айшвария Рай билан ташриф буюрди. Бипаша Басунинг никоҳ маросимидан олинган суратларни қуйида томоша қилишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 37 ёшни қаршилаган Бипаша Басу 2011 йилга қадар актёр Жон Абраҳам билан ишқий муносабатда бўлган. Болливудда уларни “Энг чиройли жуфтлик”, дея эътироф этишган ва барча мухлислар юлдузларнинг турмуш қуришларини интизорлик билан кутишган эди. Бироқ уларнинг севги қиссаси бахтли якун топмади.

Бипаша Басу ўзининг “Пойга”, “Тезлик 2”, “Ажнабий”, “Дўстимнинг тўйи” каби фильмлардаги роллари орқали танилган. 
Каран Сингх Гровер аввал икки марта оила қурган бўлиб, у иккинчи рафиқаси, актриса Женнифер Уингет билан жорий йилнинг бошида расман ажрашди.