Жаҳон | 08:29 / 06.05.2016
3108
1 дақиқада ўқилади

Латвия ички ишлар вазирлиги мамлакатдан чиқишни тақиқлаш ҳуқуқига эга бўлмоқчи

Латвия ички ишлар вазирлиги қонунларга вазирликка давлат хавфсизлигига таҳдид солувчи фуқароларга мамлакат ташқарисига чиқишни тақиқлаш ҳуқуқини берувчи тузатишларни тайёрлади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизматига иқтибос келтирган ҳолда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

"Кўплаб давлатлар хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни ҳисобга олиб, ўз меъёрий ҳужжатларига радикализм ва экстремизм тарқалиши олдини олиш мақсадида тузатишлар киритган. Давлатлар томонидан қўлланилувчи бундай воситалардан бири шахсларнинг Европа Иттифоқи, Шенген келишуви ва учинчи давлатларга бориши ҳуқуқини чеклаш ҳисобланади", дейилмоқда хабарда.

Таъкидланишича, айни вақтда жамият ва миллий хавфсизлик манфаатлари йўлида Латвиядан чиқиш чеклана олмайди. Янги тузатишларга кўра, мамлакатдан чиқишга тақиқлов 3 йилгача бўлган муддатга ўрнатилиши мумкин.