Фан-техника | 15:13 / 06.05.2016
3749
2 дақиқада ўқилади

SpaceX ракетанинг қуйи қисмини океандаги платформага муваффақиятли қўндирди

Американинг SpaceX компанияси Falcon 9 ракета ташувчисининг қуйи қисмини Атлантика океанидаги платформага бошқариш орқали муваффақиятли қўндирди, деб хабар қилмоқда SpaceX вакиллари. 

"Falcon 9 нинг қуйи қисми платформага қўнди", - дейилади компания хабарномасида. 

Бортида Япониянинг SKY Perfect JSAT Group компания-операторининг JCSAT-14 сунъий алоқа воситаси бўлган ракета АҚШнинг Флорида штати Канаверал бурни космодромидан учирилганди. 

Апрель ойи ўрталарида Dragon юк кемасини фазога олиб чиққан Falcon 9 нинг ишлаб бўлган қисмини платформага қўндириш жараёни ҳам омадли якунланган эди. Эслатиб ўтамиз, ракетанинг қуйи қисмини сақлаб қолиш борасидаги аввалги 4та уриниш омадсизликка учраган. SpaceX’нинг фикрича, ракета қуйи қисмини такрор қўллаш тижорий парвозлар нархини арзонлаштиришга ёрдам беради. 

15 йил мобайнида узлуксиз ишлаш имконини берадиган JCSAT-14 Осиёдаги етакчи сунъий йўлдош операторидан бири ҳисобланувчи япон корпорациясининг JCSAT сунъий йўлдошлари тизимидаги эскирган қурилмаларини алмаштиради. 

Вазни 5 тоннага яқин бўлган JCSAT-14 Американинг SSL компанияси томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, Осиёнинг бир қатор давлатлари, шунингдек, Россия ва Австралия ҳудудларининг бир қисмига телевизион ва интернет-сигналларини етказади.