Жаҳон | 17:17 / 11.05.2016
5654
1 дақиқада ўқилади
Олимлар “Узуклар ҳукмдори”даги вулқон отилиши мумкинлигидан огоҳлантиришди
Янги Зеландия Қироллик илмий-тадқиқот институти “Узуклар ҳукмдори” фильми орқали барчага таниш бўлган Руапеху вулқони отилиши эҳтимолидан огоҳлантирди. Бу ҳақда Интерфакс агентлиги хабар қилди.
“Яқинда олиб борилган кузатув натижаларига кўра, вулқон газлари ажралмаси кўпайганини тасдиқлайди”, - дейилади институт баёнотида.
Кратер кўлининг ҳарорати бир ойда 25 даражадан 46 даражагача кўтарилган.
Руапеху – Янги Зеландиянинг ҳаракатдаги вулқони. Янги Зеландия Шимолий оролининг энг баланд нуқтаси ҳисобланади, унинг баландлиги 2797 метрга етади.
Питер Жексоннинг “Узуклар ҳукмдори” фильмида вулқон “Машъум тоғ”ни (Ородруин) ифода қилган.
Руапеху вулқони охирги марта 2007 йил 25 сентябрда отилганди.