Иқтисодиёт | 11:21 / 13.05.2016
3655
2 дақиқада ўқилади

ХХР банкларининг муддатидан ўтган кредитлари ҳажми 2016 йилнинг 1-чорагида 213 млрд долларгача ўсди

2016 йилнинг биринчи чораги якунига келиб Хитой тижорат банкларининг муддатидан ўтган кредитлари ҳажми 9,23 фоизга ўсди ва 1,39 триллион юанни (213 миллиард доллар) ташкил қилди.

ХХР банк фаолиятини бошқариш комиссиясининг маърузасида билдирилишича, Хитой тижорат банкларидаги қарзларнинг умумий кўрсаткичи жорий йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, 2015 йил 1,67 фоиздан 1,75 фоизгача ўсди. Бу ҳақида ТАСС агентлиги хабар берди.

"Умуман хавф даражаси назорат босқичида қолмоқда", - деди Lianxun Securities инвестиция компанияси таҳлилчиси Фу Личун.

У бундай ўсишнинг асосий сабаби Хитой иқтисодиётининг қайта ислоҳ этилиш жараёнида деб ҳисоблайди. Агар қарз ўсиши муаммоси ҳал қилинмаса, дейди Фу Личун, у ҳолда Хитой иқтисодиёти кредит хавфига дучор бўлади. 

Маърузада шунингдек, муддатдан кечикишнинг сабабларидан бири сифатида Хитой иқтисодиёти ўсиш темпининг секинлашуви кўрсатилди. 

Бугунги кунда Хитойда миллий иқтисодиёт ўсиш темпи секинлашиб бормоқда. 2010 йилда ЯИМ ўсиш темпи 10,4 фоиз, 2011 йилда - 9,2 фоиз, 2012 йилда эса - 7,8 фоизни ташкил қилади. 2013 йил якунларига кўра, мазкур кўрсаткич 7,7 фоизга, 2014 йилда эса 7,4 фоизга секинлашди. 2015 йилда ЯИМ ўсиши расмий маълумотларга асосан 7 фоизга тушди.