Жамият | 14:27 / 21.05.2016
5612
2 дақиқада ўқилади

КХДРнинг йирик давлат мулозими Кан Сок Чжу 76 ёшида саратон хасталигидан вафот этди

Корея марказий телеграф агентлигининг хабар қилишича, Шимолий Кореянинг кўзга кўринган дипломати Кан Сок Чжу 76 ёшида ҳаёт билан видолашган. 

Унинг ўлимига саратон хасталиги сабаб бўлган. Кан Сок Чжу кўп йиллар мобайнида Корея меҳнат партияси марказий қўмитасида халқаро муносабатлар билан шуғулланган, КХДР ташқи ишлар вазири ўринбосари бўлган. 

Ўтган асрнинг 90-йилларида Кан Сок Чжу АҚШ билан музокараларда корейс делегациясига раҳбарлик қилган ва келишувга эришган эди. КХДР атом дастури,  расмий Вашингтоннинг Шимоолий Кореяда енгил сувли реакторларни барпо этиш ва 2003 йилгача фойдаланишга топшириш бўйича берган ваъдасига мувофиқ музлатилганди. Бунгача, мамлакат энергетикасидаги танқислик мазут етказиб бериш йўли билан компенсация қилиниши керак эди. 

Бироқ, 8 йил мобайнида КХДРга енгил сувли реакторнинг таркибий қисмлари олиб кирилмади. Бундан ташқари, АҚШ мазут етказиб беришни тўхтатди. 

Расмий Пхеньян ўз навбатида, воқеаларнинг бундай ривожида, ядро мораторийсига амал қилишни мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблаган эди.