Абдулазиз Комилов Хитой ТИВ раҳбари билан музокаралар ўтказди
2016 йилнинг 23 май куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкентга расмий ташриф билан келган Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ сайти хабар тарқатган.
Суҳбат чоғида икки томон алоқаларининг долзарб масалалари ва уларни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Вазирлар бўлажак олий даражадаги Ўзбекистон-Хитой учрашувларининг дастури ва кун тартиби лойиҳаларини муҳокама қилишди.
Мулоқот давомида 2015-2016 йилларда Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислигининг самарали якунлари ва Тошкент шаҳрида бўладиган юбилей саммитининг муваффақиятли ўтказилишидан икки томон ҳам манфаатдор эканлигини тасдиқланди. Ўз ишини бошлаётган ШҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирларининг кенгаши йиғилиши мазкур саммитга тайёргарлик кўришнинг муҳим босқичи бўлиб хизмат қилади.
Учрашувда баъзи халқаро ва минтақавий масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Музокараларда Хитой элчиси Сун Лижиэ иштирок этди.