Америкалик хакер таниқли кишиларнинг шахсий маълумотларини ўғирлаганлигини тан олди
Американинг Пенсильвания штати фуқароси Райан Коллинс, суд мажлисида, 100дан ортиқ таниқли кишининг шахсий электрон маълумотларини ўғирлаганини тан олди.
Прокуратура маълумотларига кўра, 2012 йил ноябридан 2014 йил сентябригача бўлган муддат давомида, ғаразгўй шахс ўзини Google ва Apple ходими сифатида таништириб, электрон мактублар юборган ҳамда шоу-бизнес юлдузлари, асосан, аёлларнинг шахсий маълумотлари, жумладан, ошкора сурат ва видеоларига кириш имконини қўлга киритган.
Хабар қилинишича, сўнгги бир неча йиллар мобайнида, хакерлар таниқли кишиларнинг шахсий суратларини ўғирлаган ва оммага ошкор қилган эди. Хусусан, актрисалар Женнифер Лоуренс, Анна Кендрик, Келли Гарнер, Эмма Стоун, қўшиқчилар Рианна ва Аврил Лавинлар киберфирибгарларнинг нишони бўлганди.