Light | 13:54 / 25.05.2016
10155
3 дақиқада ўқилади

Қарилик билан курашувчи дори воситалари аниқланди

Индиана университети биологлари депрессия ва стресс ҳолатларининг нафақат инсоннинг ташқи кўринишига, балки генлар фаоллигини ўзгартириб, унинг организмига чуқур таъсир кўрсатаётганини аниқлашди. Бу ихтиро қариш билан курашда ёрдам бериши мумкин бўлган моддаларни аниқлаш имконини беради. Тадқиқот натижалари Molecular Psychiatry журналида чоп этилган. 

Олимлар Caenorhabditis elegans эркин яшовчи нематодлар ДНКсини ўрганиб чиқишди ва турли гуруҳларда тадқиқот ўтказишди, бунинг натижасида улар стресс ва яхши ёки ёмон кайфиятни ҳаётнинг давомийлигига таъсир қилувчи эффектини аниқловчи бир қатор генларни кашф қилишга муваффақ бўлишди. Энг асосий генлардан бири аникирин 3 оқсилини кодловчи ҳамда асаб тўқималарининг ҳосил бўлишида иштирок этувчи ank3 генидир.

Тадқиқотчилар белгиланган генларнинг фаоллиги ёш ўтган сари ўзгаришини ҳамда стресс ва тушкунликка мойил кишилар генидаги ўзгаришлар эрта қаришга, шунингдек яшаш давомийлигининг қисқариши билан боғлиқлигини аниқлашди.

Илмий изланишнинг биринчи босқичида олимлар C.elegans чувалчангларни антидепрессанта миансерин таъсирига туширишди. Тадқиқотчилар бунда нематодларнинг яшаш давомийлиги ошганини қайд этишди. Биологлар чувалчанглар организмида антидепрессантларга жавобан 231та ген ўз фаоллигини ўзгартиргани ва одамда ҳам 347та шундай ген борлигини аниқлашди. 

Биологлар шунингдек руҳий хаста ва ўз жонига қасд қилган 700 нафар беморнинг қон намуналари асосида ank3'нинг фаоллигини ўрганиб чиқишди. Барча таҳлиллар ген экспрессиясининг юқори даражасини кўрсатди. Шуниси қизиқки, тез қариш билан боғлиқ наслий касалликка эга беморлар ҳам ank3 фаоллигини намойиш этишмоқда. 

Олимлар қариш генини жиловлаб, узоқ умр кўришга туртки берадиган қатор воситаларни таклиф қилишди: докозагексаен кислота, пирацетам, кверцетин, витамин D ва ресвератрол, шунингдек эстроген аралашмалар, рапамицин ва диабетга қарши дори воситалари. Бироқ уларнинг самарадорлигини тўлиқ тасдиқлаш учун яна бир қатор тадқиқотлар ўтказиш талаб қилинади.

Куннинг энг асосий ва қизиқ хабарларидан тезкор равишда хабардор бўлиш учун «Kun.uz»нинг Telegram’даги каналига аъзо бўлинг.