Саудия Арабистонида мушуклар билан селфи тушиш ва покемон ўйнаш тақиқланди
Саудия Арабистонининг илмий тадқиқотлар ва диний ҳуқуқ бўйича юқори қўмитаси мушуклар билан селфи қилиш ҳамда япон мультфильми «Покемон»нинг қаҳрамонлари иштирокидаги стол ва карта ўйинлари ўйнашни тақиқловчи фатво (муфтий, мужтохидлар томонидан қабул қилинувчи қандайдир ижтимоий, сиёсий ёки ҳуқуқий масалалар бўйича қарор) эълон қилди. Бу ҳақида Newsweek хабар беради.
Қироллик аҳолисига уй ҳайвонлари билан суратга тушишни диншунос, шайх Салоҳ Бин Фаузан аль-Фаузан ман этди. Бундан ташқари Диншунослар қўмитаси аъзоси мушуклар билан олинувчи селфининг зарарли томонларини алоҳида қайд этиб ўтди. Шайхнинг фикрича, ҳайвонлар билан суратга тушиш — ғарб маданиятига сиғинишнинг бир белгиси.
«Мушукларнинг бу ерда ҳеч қандай гуноҳи йўқ. Муаммо ҳайвонларда эмас, балки суратларда. Бутлар ҳақиқий дин қоидаларига зид келади. Ит билан ҳам, мушук ёки бўри билан ҳам суратга тушиш мумкин эмас», — дея таъкидлади у.
Яна бир бошқа диний фармонда «Покемон» мультфильми бўйича стол ва карта ўйинларини ўйнаш тақиқланади. Фатвода қайд этилишича, покемонлар ислом таълимотига тўғридан-тўғри қарши чиқади. Ўйинлар эса нафақат вақтни беҳудага сарфлаш ҳисобланади, балки ўзида сионистик ғояларни ҳам тарғиб этади. Шунингдек, у инсонни қиморга ўргатади. .