Андижон санъат коллежининг 50 йиллиги тантаналари бўлиб ўтди
Андижондан мухбиримиз Элмурод Эрматов хабар беради:
Бугун З.М. Бобур номли вилоят мусиқали драма театрида Андижон санъат коллежи ташкил топганлигининг 50 йиллиги муносабати билан юбилей тадбири бўлиб ўтди.
Анжуманни вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Муҳаммаджон Нишонов очиб, юртимизда ўз нуфузига эга коллеж жамоасини атоқли сана билан қутлаш билан биргаликда билим даргоҳининг бир гуруҳ педагогларига вилоят ҳокимлигининг фаҳрий ёрлиқларини топширди.
Сўнг санъат коллежининг ўқитувчилари ва иқтидорли ўқувчилари томонидан катта концерт дастури намойиш қилинди.
Шу кунгача Андижон санъат коллежини битирган ўқувчиларнинг умумий сони етти минг нафардан ошди. Улар орасидан эл назарига тушган, нафақат Республикамизда балки ҳорижда ҳам ўз истеъдодлари билан ўзбек миллий санъатини бутун дунёга намойиш этган таниқли ҳофизлар, хонанда ва созандалар, артист ва раққосалар етишиб чиқди.
Ўзбекистон халқ ҳофизи Маҳмуджон Йўлдошев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Қорақалпоғистон халқ артисти, Авазбек Маллабоев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Раиса Чепчеренко, Шоҳида Тўхтабоева, Ҳуррият Исроилова, Мавлуда Бойматова, Турсунбой Парпиев, Фурқат Ашуралиев, Элмурод Аҳмедов, Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист Расулжон Ураимжонов, “Шуҳрат” медали совриндорлари Юсуф Исмоилов, Хотирахон Акрамова, Рустамжон Маматқуловлар шулар жумласидандир.
Коллеж жамоаси шу кунгача 200 нафардан ортиқ Республика кўрик - танловлари ғолиблари ва дипломантларини, давлат мукофотлари соҳибларини етиштириб чиқарди.
Жумладан:
1 нафар Ўзбекистон Халқ артисти –
1 нафар Ўзбекистон Халқ хофизи –
8 нафар Ўзбекистонда Хизмат кўрсатган артистлар –
1 нафар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими –
7 нафар “Ниҳол” давлат мукофоти совриндорлари –
3 нафар Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари –
4 нафар Халқаро кўрик танловлар совриндорлари –
100 нафардан ортиқ Республика кўрик танловлари совриндорлари –
3 нафар “Шуҳрат” медали соҳиблари етиштириб чиқарган санъат кошонасида, бугунги кунда 15 нафар бош ўқитувчи, 19 нафар етакчи, 42 нафар катта ўқитувчи, 116 нафар олий маълумотли, 56 нафар ўрта-махсус маълумотли, 248 нафар ўқитувчи - мураббийлар истеъдодли ёшларга санъат сирларини пухта ўргатиб келмоқдалар.
Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон