Жаҳон | 15:31 / 31.05.2016
4246
2 дақиқада ўқилади

Ироқ ҳарбийлари ИШИД шаҳарларидан бири Фалужани қуршаб олди

ИШИДнинг Фалужадаги базалари қуршаб олинди, деб хабар қилган Ироқ генерали Ҳамид ал-Маликий мамлакат мудофаа вазирлиги тарқатган видеолавҳада. 

Ироқ армияси, мамлакат ва коалиция ҳарбий ҳаво кучларининг кўмаги билан Ироқнинг Фалужа шаҳрини террорчилардан озод этиш амалиётини бошлаган. Ироқлик ҳарбийлар 30 май куни Фалужанинг бир қанча чекка қишлоқларида назоратни ўз қўлларига олишган. 

Ироқ ҳарбийлари олдидаги галдаги вазифа эса, шаҳарнинг марказигача кириб бориш ва жангариларни сиқиб чиқаришдан иборатдир. Аммо бу ҳарбий амалиётнинг энг хавфли босқичи ҳамдир, деб хабар қилмоқда SNN телеканали. 

Ал-Маликийнинг айтишича, мазкур жанговар ҳаракатларда ҳаво кучларининг ёрдами беқиёсдир. Улар ИШИД жангчиларини бошпаналаридан чиқариб, қурол-яроғларини вайрон қилмоқда. 

БМТ қочоқлар масалалари бўйича агентлиги, Ироқнинг Фалужа шаҳрида жанговар ҳаракатлар кескинлашаётган ҳамда жангарилар эгаллаб турган ҳудудларни бомбардимон қилиш кучайиб бораётган бир вақтда, 50 мингга яқин тинч аҳоли вакилининг ҳаёти хавф остида эканидан огоҳлантирмоқда.
 
Хабарларга кўра, жангарилар томонида урушишдан бош тортаётган фалужалик ўсмирлар ва эркак кишиларни қатл қилиш ҳоллари тобора кўпайиб боряпти. Юзлаб аёллар ва болалар эса, ватанларини ташлаб қочишга мажбур бўлишмоқда. 

Хусусан, хавфсизлик кучлари, 760 нафарга яқин кишини Фалужа шарқий ва жануби-шарқий ҳудудларида қутқарган. Бундан ташқари, шаҳарда озиқ-овқат танқислиги тобора кучаймоқда. У ерда асосан егулик сифатида хурмолардан фойдаланилмоқда.