Жаҳон | 15:09 / 31.05.2016
4501
1 дақиқада ўқилади

Россия самолётлари Идлибда йўллаган ҳаво зарбалари оқибатида 23 киши ҳалок бўлди

Суриянинг Идлиб шаҳри яқинида Россия Ҳарбий ҳаво кучлари самолётлари томонидан берилган ҳаво зарбалари натижасида тинч аҳоли вакилларидан 23 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар тарқатган.

Ҳаво зарбалари нишонларидан бири шифохона ёнида бўлган. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташкилоти директори Рами Абдулраҳмоннинг маълумотига кўра, ҳалок бўлганлар орасида 7 бола бор. Қурбонлар сони ортиши мумкинлиги айтилган.

Идлиб - Суриядаги "Ал-Қоида" билан алоқадор "Фронт ан-Нусра" ташкилоти жангарилари тасарруфидаги йирик шаҳарлардан бири ҳисобланади.

Россия Сурияда ИШИД жангариларига қарши 2015 йилнинг кузида ҳарбий ҳаракатларга киришганди.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари маълумотига кўра, Россия Сурияда ИШИДга қарши эмас, Башар Асад тузуми мухолифларига қарши кураш олиб бормоқда.