Спорт | 12:19 / 31.05.2016
15256
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон терма жамоасининг Экватор Гвинеясига қарши ўртоқлик ўйини бекор қилинди

2 июнга белгиланган Ўзбекистон - Экватор Гвинеяcи халқаро ўртоқлик учрашуви бекор қилинди. Бу ташаббус Экватор Гвинеяси футбол федерацияси томонидан билдирилган.

Экватор Гвинеяси футбол федерацияси бош котиби Тадео Нсуе Онва имзолаган хатда айтилишича, Африка Конфедерациясининг йўриғига кўра Африка Миллатлар Кубогининг саралаши доирасида ўтказилиши керак бўлган Экватор Гвинеяси-Бенин ўйини 3 июнь куни ўтказилиши мумкин. Шу сабабли Экватор Гвинеяси Ўзбекистон терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувини ўтказиш учун Тошкентга кела олмаслигини маълум қилган.

«Биз Ўзбекистон Футбол Федерациясидан узр сўраймиз ва ушбу ўйиннинг яқин вақт ичида ўтказилишига умид қилиб қоламиз», - деб якунланади Экватор Гвинеяси футбол федерацияси бош котибининг мактуби.

Ўзбекистон Футбол Федерацияси Ўзбекистон-Экватор Гвинеяси учрашувига сотилган чипталарни қайтариб олиш масъулиятини ўз бўйнига олади.

Мазкур ўйин учун 28 май куни чипталар сотилиши бошланган, чипталар нархи барча категориялар учун 15 минг сўм, CIP категория учун эса 30 минг сўм қилиб белгиланганди.

Қайд этиш жоиз, 13 май куни Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати 2 июнь куни Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида Ўзбекистон миллий термаси Қирғизистонга қарши майдонга тушишини хабар қилганди. Аммо 21 май куни ЎФФ матбуот хизмати бу учрашув бекор қилинганини хабар берди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 4 июнь куни Австрияга йиғин ўтказиш учун жўнаб кетиши режалаштирилган. 

7 июнь куни Канада миллий терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви белгиланган. Ҳозирча бу учрашув бекор қилиниши эҳтимоли ҳақида хабарлар йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ–2018 турнири 3-саралаш босқичидаги илк учрашувини шу йилнинг 1 сентябрь куни Тошкентда Сурия терма жамоасига қарши ўтказади.