Жамият | 14:51 / 02.06.2016
8541
2 дақиқада ўқилади

Бўзсув анҳорида 17 ёшли ўсмир чўкиб кетди

Тез ҳаракат қилиш республика кўп тармоқли маркази қутқарувчи-ғаввослари учинчи кундан буён Бўзсув анҳорида чўкиб кетган ўсмир жасадини қидирмоқда.

Тошкент шаҳридаги коллежлардан бирида таҳсил олувчи 17 ёшли ўсмир 31 май куни беш нафар дўсти билан «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуасидаги анҳорга чўмилиш учун борган.

Улар анҳорга қарийб бир вақтда сакраган, вафот этган йигит эса охирги бўлиб сувга тушган ва бир лаҳза сувда кўриниб, сўнгра йўқолган.

Бу воқеа унинг дўстлари кўз ўнгида содир бўлган, қўрқув ёки саросима сабабли улар шеригига ёрдам бера олишмаган. Улар қирғоққа қайтиб, буюмларини йиғиштиришган ва яширинишган.

«Газета.uz» нашрининг вафот этган ўсмирн қариндоши ҳикоясига асосланиб хабар беришича, ўсмирнинг ота-онасига қирғоқдаги қаровсиз буюмларни учратиб қолган ўткинчи қиз улар орасидаги ўсмирнинг телефонидан маълум қилган. Орадан бир фурсат ўтиб ўсмирнинг дўстларидан бири қайтган ва содир бўлган ҳодиса тўғрисида ота-онасига сўзлаб берган.

Уч кун мобайнида ғаввослар воқеа содир бўлган жойдан бир километргача бўлган масофада анҳорнинг туби ва қирғоқларини текшириб чиқди, аммо жасад ҳалигача топилмади.

Ғаввослар ишини сувнинг кўплиги ва тезоқар экани қийинлаштирмоқда.

Қидирув ишлари ҳам қирғоқдан, ҳам қутқарув қайиқлари орқали амалга оширилмоқда. Анҳор туби синчиклаб қидирилаётган бўлсада, уринишлар бесамар кетмоқда. Қутқарув ишларида вафот этган ўсмирнинг қариндошлари ҳам иштирок этмоқда. Улар чўкиб кетган йигитнинг тез орада топилиши ва дафн этилишидан умид қилишмоқда.