Сомалидаги меҳмонхонага ҳужум оқибатида парламент депутатлари ҳалок бўлди
Сомали пойтахти Могадишо шаҳрида жойлашган Ambassador меҳмонхонаси олдида юз берган портлаш ва унинг ортидан келиб чиққан отишма туфайли ҳалок бўлганлар сони 15 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар берган.
"Меҳмонхонада яшаб келган парламент аъзолари Муҳаммам Муҳаммад ва Абдуллоҳи Жамак ҳужум оқибатида ҳалок бўлди. Меҳмонхонада бўлган бошқа депутатлар ва яна кўпчиликнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Айни вақтда қурбонлар сони 15 нафар, яна 20 киши турли даражада тан жароҳатлари олишган", дея маълумот берган маҳаллий полиция вакили.
1 июнь куни уюштирилган ҳужум учун жавобгарликни "Ал-Шабоб" жангарилари ўз зиммасига олган.
Дастлабки хабарларда бу ҳужум туфайли 10 киши ҳалок бўлгани айтилганди.
"Ал-Шабоб" 2012 йилда "Ал-Қоида"га қасамёд қилган ва шундан кейин дунёнинг кўплаб мамлакатларида бу гуруҳ фаолияти тақиқланган.