Париждаги тошқинлар: Лувр музейи экспонатлари эвакуация қилинмоқда
Хорижий ОАВ маълумотларига кўра, Франциядаги сув тошқинлари оқибатида Париждан жанубда жойлашган Немур шаҳри энг кўп талофат кўрди, бу ердан 3 минг киши эвакуация қилинган. Бутун мамлакат бўйлаб эса 5,5 минг киши ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган. Франциянинг 26 та департаменти, жумладан Парижда охиргидан битта олдинги – зарғалдоқ тревога даражаси эълон қилинган, уч киши ҳалок бўлган. Яқин орада ҳукумат бир қатор ҳудудларда фавқулодда вазият эълон қилади, бу чора бу ҳудудларга шошилинч молиявий ёрдам беришга имкон беради.
Парижда Сена дарёси сув сатҳи 5 метргача кўтарилган. Синоптикларнинг айтишича, бу ҳали чегара эмас: агар ёғингарчилик ҳафта охиригача давом этса, дарёдаги сув сатҳи 5,7 метргача кўтарилиши мумкин.
Париждаги кўплаб биноларнинг биринчи қаватлари сув остида қолган. Бироқ энг катта хавф остида Сена дарёсининг ўнг қирғоғида жойлашган жаҳонга машҳур Лувр музейи қолмоқда. Музейнинг ертўла қисмидаги омборларда сақланувчи экспонатларга зиён етиши мумкинлиги сабабли музей маъмурияти уларни зудлик билан эвакуация қилишга қарор қилди. Музей ёпиб қўйилди, унинг ходимлари шошилинч жавоб бериш хизматлари вакиллари билан нодир санъат асарларини юқори қаватларга кўчирмоқдалар.
Дарёнинг чап қирғоғида, сувдан бор-йўғи бир неча метр узоқликда жойлашган Орсе музейи ҳам ёпиб қўйилди. Шаҳарда темир йўл қатнови қисман тўхтатилган ва кемаларнинг ҳаракатланиши тўлиқ тақиқланди. Сув сатҳининг 5-6 метрлик кўтарилиши парижликларнинг ҳаётини жиддий тарзда мураккаблаштираётган бўлса-да, бу рекорд кўрсаткич эмас. 1910 йилда Сенадаги сув сатҳи 8,62 метргача кўтарилган.
Франциялик мутахассисларнинг фикрича, дам олиш кунлари вазият ўзгаришсиз қолади, бироқ кейинга ҳафтадан яхшиланиши бошланади.