Ўзбекистон | 08:50 / 10.06.2016
5199
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Эстония ташқи ишлар вазирликлари маслаҳатлашувлар ўтказди

8-9 июнь кунлари Таллин шаҳрида Ўзбекистон-Эстония вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги раунди бўлиб ўтди, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати. Эстония Республикаси делегациясига Ташқи ишлар вазирлигининг сиёсий масалалар бўйича вице-канцлери Кюллике Силласте-Эллинг бошчилик қилди.

Ўзбекистон-Евроиттифоқ шаклидаги, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни ўз ичига олган икки томонлама муносабатлар мужмуи юзасидан батафсил мулоқот бўлиб ўтди.

Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳолати ва уни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари батафсил муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва Эстония учун устувор ҳисобланадиган соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун иккала томонда ҳам улкан салоҳият борлигини назарда тутган ҳолда кўп соҳалардаги алоқаларни оширишдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор эканлиги таъкидланди.

Маслаҳатлашувлар давомида ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Таллин шаҳига ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Эстония ташқи ишлар вазири Марина Калюранд билан учрашув ҳамда Саёҳат ва туризм ассоцияциясида музокаралар ўтказди.