Спорт | 12:15 / 12.06.2016
9887
1 дақиқада ўқилади

Евро-2016. Бошига арматура билан урилган англиялик мухлис ўлим ёқасида қолмоқда

Англия терма жамоасининг Марсель шаҳри кўчаларида бўлиб ўтган тартибсизликлар вақтида оғир жароҳат олган 2 нафар мухлисидан бирининг жароҳати тафсифи келтирилди. BFM TV маълумотига асосланиб, Tribuna.uz сайти хабар берди.

Евро-2016 доирасида Англия – Россия учрашувидан олдин Марселда бўлиб ўтган инглиз, француз ва рус гуруҳлари иштирокидаги тўқнашувлар вақтида жароҳат олиб, беҳуш ҳолатда шифохонага олиб кетилган бу мухлис ўлим ёқасида қолмоқда.

Унинг бошига тартибсизликлар вақтида арматура билан урилган.

«Унда инфаркт юз берган, у шифохонада реанимация хонасига ётқазилган, унинг ҳаёти хавф остида. Бу шахс омон қолиши даргумон», – деган Буш-дю-Рон департаменти полицияси вакили Лоран Нуньес.

Марсель шаҳрида 11 июнь куни содир бўлган тўполонлар вақтида жами 31 киши жароҳатланган, улардан 4 нафарининг жароҳати жиддий. Шунингдек, 3 нафар полициячи енгил даражада шикастланган.