Ер сайёрасининг 80 фоизга яқин аҳолиси тунда юлдузни кўра олмайди
Балки тунда юлдузлар ёрқинроқ нур сочар, бироқ янги тадқиқотларга кўра, сайёра аҳолисининг 80 фоизга яқини буни ҳис қилмайди. Ва бунда инсониятнинг улкан ихтироси электр энергияси айбдордир. Гап шундаки, тунги вақтларда электр энергиясидан фойдаланиш инсон ҳаётига шунчалик чуқур кириб келганки, электр чироқлари Ернинг аксар аҳолиси учун юлдузлар нурини "сўндирмоқда".
Куннинг қоронғи вақтидаги осмоннинг ёрқинлигига оид янги атласга мувофиқ, галактикамизнинг ёруғлигини Европа мамлакатлари аҳолисининг 60 фоизи, Шимолий Америка аҳлининг салкам 80 фоизи кўрмайди. Инсонлар қўллаётган лампалар нури шунчалик кучлики, у Сингапур, Қувайт ва Мальтада Сомон йўлининг табиий ёруғлигини тўсиб қўймоқда.
Олимлар ўз тадқиқотлари учун Американинг Suomi NPP метеорология сунъий йўлдошидан олинган маълумотлардан фойдаланишган. Бу ахборотлар, осмон ёрқинлигига оид компьютер модели маълумоти, профессионал ва ҳаваскорлар томонидан очиқ далада олинган рақамлар билан ўзаро таққосланган.
Натижада, АҚШ ва Европа ҳудудининг 99 фоизи ўзига хос "ёруғлик билан ифлосланган"и аниқланган. Европанинг атиги бир неча давлати ва Корсика ороли ҳамда Испаниянинг марказий минтақалари бу борада осмони ёрқинлиги билан хурсанд бўлиши мумкин.