«Диснейленд»да тимсоҳ тортиб кетган бола ҳалок бўлган деб ҳисобланди
Американинг Флорида штатидаги ҳуқуқ-тартибот идоралари тимсоҳ сувга тортиб кетган икки ёшли болани ўлган деб ҳисоблашмоқда. Бу ҳақида болакай йўқолиб қолганидан 15 соат ўтгач ташкил этилган матбуот анжуманида шериф Жери Деминс маълум қилди.
«Айни дамда биз жасадни қидиришда давом этмоқдамиз», — дейди шериф.
Болакайни қидириш жараёнида «Диснейленд»да тўртта судралиб юрувчилар ўлдирилган. Узунлиги икки метр келувчи тимсоҳларнинг танаси очиб кўрилган ва текширилган, бироқ бола танасининг қолдиқлари топилмаган.
14 июнь куни Американинг Флорида штати Орландо шаҳрида даҳшатли воқеа содир бўлди. Диснейленд боғи яқинидаги Grand Floridian Resort & Spa меҳмонхонаси яқинида тимсоҳ ёш болани сувга тортиб кетган.
Тимсоҳнинг ҳужумига боланинг ота-онаси гувоҳ бўлган. Ота фарзандини қутқаришга уринган, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмаган. Боланинг отаси сезиларли бўлмаган жароҳатлар олган.