Жаҳон | 07:20 / 19.06.2016
4623
1 дақиқада ўқилади
ОАВ: Apple Трамп сабабли республикачилар қурултойини молиялашдан бош тортди
Apple корпорацияси Республикачилар партиясидан АҚШ президенти лавозимига номзод Дональд Трампнинг нутқлари сабабли Республикачилар партиясининг Кливленддаги қурултойини ташкиллаштиришда иштирок этмайдиган бўлди, деб хабар бермоқда вазиятдан хабардор манбаларга иқтибос келтирган ҳолда Politico нашри.
Бу орада Facebook, Google ва Microsoft каби бошқа йирик IT-компаниялар қурултойда тадбирни ёритиб, техника ва дастурий таъминот тақдим қилиб у ёки бу йўсинда иштирок этади.
Ҳозирча Apple’нинг Филадельфияда Демократик партия қурултойида иштирок этиши ҳақида маълумотлар йўқ, компанияда вазиятга изоҳ берилмади.
Ўтган йили Apple иккала партия тадбирларини ташкиллаштиришда ҳам иштирок этганди.