Украинанинг Одесса вилоятида заҳарланганлар сони 300 кишидан ортиб кетди
Украинанинг Измаил шаҳри шифохоналарига 300 дан кўпроқ одам заҳарланиш аломатлари билан мурожаат қилди. Бу ҳақда Одесса вилояти губернатори Михаил Саакашвили Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.
"Оммавий заҳарланиш жалали ёмғирлар оқибатида ичимлик сувининг ифлосланиши натижасида юз берган бўлса керак. Шубҳасиз, табиий офат исталган давлатда бунга ўхшаш вазиятга сабаб бўлиши мумкин, бироқ Украина жануби инфратузилмаси эскириб кетганини унутмаслик лозим", деб ёзди Саакашвили.
Саакашвили ушбу вазиятни Украина бош вазири Владимир Гройсман ва Соғлиқни сақлаш вазири мажбуриятини бажарувчи Виктор Шафранский билан муҳокама қилганини қўшимча қилди.
18 июнда Измаил шаҳрида ичак инфекцияси авж олиши билан боғлиқ ҳолда фавқулодда вазият киритилгани маълум қилинганди. Ўша вақтда заҳарланиш аломатлари билан 201 киши, жумладан 19 бола шифохоналарга мурожаат қилган. Уларнинг аҳволи ўрта даражадаги оғирликда баҳоланганди.
Шаҳар раҳбарияти умумий овқатланиш жойлари ва бозорларни ёпишга буйруқ берган. Шунингдек, одамларнинг оқмас сув ҳавзаларига яқинлашиши тақиқланган.