ММА бўйича Осиё чемпиони автоҳалокат қурбони бўлди
Қирғизистоннинг Ўш шаҳри «Муҳаммад-Умар" клуби аъзолари жиддий автоҳалокатга учрашди, деб хабар қилмоқда "АКИ-пресс" ахборот агентлиги. Маҳаллий фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, фожеа оқибатида икки киши, жумладан аралаш яккакурашлар бўйича собиқ Осиё чемпиони Мирбек Абдиқодиров ҳам ҳаётдан кўз юмган.
20 июнь куни тонгда Бишкек-Ўш автойўлининг 310-километрида Honda Stepwgn машинасининг шинаси ёрилиб кетиб, транспорт воситаси йўл чеккасидаги қияликка ағдарилиб кетган. Унда ҳайдовчи ва 7 нафар йўловчи бўлган.
«Ушбу автоҳалокатда «Муҳаммад-Умар» клуби аъзолари жабрланган. Ўш шаҳри ички ишлар бошқармасида ишлаб келган ММА собиқ чемпиони Мирбек Абдиқодиров эса ҳаётдан кўз юмган», — дейилади хабарда.
Машина ҳайдовчиси ҳам шифохонага келтирилганига қарамай, олинган тан жароҳатидан ҳалок бўлган. Бошқа йўловчиларнинг ҳаётига ҳеч нарса таҳдид солмаётгани хабар қилинмоқда.