“Шайх Зайниддин” жоме масжидида Қуръони карим хатмонаси якунланди
Хабарингиз бор, мамлакатимиздаги кўплаб жоме масжидлар қатори Шайхонтоҳур туманидаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида ҳам таровеҳ намозлари бошланган эди. Кеча 25 июнь куни таровеҳ намозида бошланган Қуръони Карим тиловати якунига етказилди.
Маросимда 10 мингдан ортиқ намозхон иштирок этди. Хатмонада бир қатор диний уламолар, устозлар, мураттаб қорилар ва имом домлалар иштирок этишди. Хусусан, Тошкент шаҳар бош имом хатиби, устоз Анвар қори Турсунов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги дин ишлар бўйича қўмита мутахассиси, устоз Муҳаммад Бобур Йўлдош домла ташриф буюриб, ўзларининг ибратли насиҳатлари билан жамоатни хушнуд этишди.
Хатмонанинг сўнгги тасбеҳидан аввал намозхонларга устоз Анвар қори Турсунов маъруза қилди. Маърузада тинчлик, уни асраш, бугунги осойишта ва фаровон кунлра шукронаси, ёшларнинг илм олиши ва ўзаро меҳр-оқибат масалаларига тўхталди ва дуои хайрлар қилди.
Хатмона якунида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман бош имом - хатиби, “Шайх Зайниддин” жоме масжид имом-хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғли томонидан юртимиз тинчлиги ва элимиз фаровонлиги ҳамда дуоталаб намозхонлар хаққига дуои фотиҳалар қилинди.
Таъкидлаш кераки, “Шайх Зайниддин” жоме масжидида давлатимиз раҳбарининг Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисидаги қарори асосида ташкил этилган мазкур тадбирлар Одилхон қори Юнусхон ўғли бошчилигида юксак савияда олиб борилмоқда. Халқимиз Қуръони карим хатмонасини хотиржамлик билан адо этиб, яратилган шарт - шароитдан бениҳоя мамнун бўлди.
“Шайх Зайниддин” жоме масжидида таровеҳ намозлари давом этмоқда.
“Шайх Зайниддин” жоме масжиди матбуот хизмати