Путин Истанбулдаги теракт муносабати билан Туркияга ҳамдардлик билдирди
Россия президенти Владимир Путин Истанбул аэропортидаги теракт муносабати билан Туркия халқига ҳамдардлик билдирди.
"Биз чуқур қайғудамиз. Биз кеча бўлиб ўтган теракт қурбонлари учун ҳамдардлик билдирамиз", деган у ёшлар билан учрашуви вақтида.
У бу каби ҳодисалар юз бермаслиги таъминланиши учун "тинч муҳит яратиш" кераклигини таъкидлаган.
Бундан олдинроқ, Россия Федерацияси кенгашининг халқаро ишлар бўйича қўмитаси раҳбари Константин Косачев Истанбулдаги теракт Туркия ҳукуматининг Россия ва Исроил билан муносабатларини яхшилаш жараёнини бошлаганига жавобан амалга оширилгани ҳақида фикр билдирганди.
Эслатиб ўтамиз, 28 июнь, сешанба куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Отатурк номли халқаро аэропортда худкуш террорчилар амалга оширган портлашлар оқибатида охирги расмий маълумотларга кўра 36 киши ҳалок бўлган, 147 киши жабрланган.