Обама: Brexit глобал иқтисодиётнинг барқарорлигига таъсир кўрсатмайди
Буюк Британия Европа Иттифоқини тарк этиш қарорига келганига қарамасдан дунё иқтисодиёти яқин келажак давомида ўз барқарорлигини сақлаб қолади. АҚШ президенти Барак Обама шундай баёнот билан чиққан.
"Ўйлайманки, марказий банклар ва молия вазирликлари томонидан тайёрланган меъёрлар дунё иқтисодиёти кейинги йилларда ўз барқарорлигини сақлаб туради", деган Обама Канада пойтахти Оттавада ўтказилган Шимолий Америка мамлакатлари саммитидан кейинги матбуот анжумани вақтида. Президентнинг чиқиши Оқ уй томонидан ёритилган.
Америкаликлар етакчиси шу билан бир вақтда Brexit дунё иқтисодиётидаги глобал ўсишларга таъсир кўрсатмасдан қолмаслигини билдирган. Обаманинг сўзларига кўра, АҚШ ҳукумати дунё иқтисодиётидаги жараёнларни диққат билан кузатиб боради.
23 июнь куни Буюк Британияда мамлакатнинг Европа Иттифоқини тарк этиши масаласида референдум ўтказилди. Натижаларга кўра, Brexit тарафдорлари 51,9 фоизлик устунлик билан ғалаба қилди.
Шундан сўнг, дунё бозорида кескин тушишлар кузатилди. Кейинроқ инвесторларнинг Буюк Британия ЕИни тарк этиши салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлари сусая бошлади. Бир қатор мамлакатларда Буюк Британия иқтисодиётини қўллаб-қувватлашга чақириқлар билдирилди.