Жамият | 09:42 / 05.07.2016
13911
2 дақиқада ўқилади

Москва жомеъ масжидида Ҳайит намози ўқилиши арафасида тутун буруқсиди

Москва шаҳридаги энг катта масжидда Рамазон ойи якунланиши муносабати билан ҳайит намози ўқилишига тайёргарлик кўрилаётган вақтда фавқулодда вазият юзага келди. РИА Новости агентлиги хабарига кўра, бино ҳудудида тутун пайдо бўлган.

«Масжид ҳудудида тутун пайдо бўлди. Ваҳимага тушмасдан бинони тарк этиш сўралади», — дейилган бу вақтда.

Қайд этилишича, бу пайтда Россия мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий шайх Равил Гайнутдин ўз маърузасини тўхтатишга мажбур бўлган.

Ҳодиса бартараф этилгач, масжидда маросим давом эттирилган.

Бундан олдинроқ, 5 июль куни Москвада Рамазон ҳайити намози ўқиладиган жойлар рўйхати эълон қилинганди.

2015 йил 23 сентябрь куни, мусулмонларнинг муқаддас байрами — Қурбон ҳайити арафасида Россия президенти Владимир Путин ва хорижий давлатлар раҳбарлари иштирокида Москва жомеъ масжидининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтганди.

Маълумот учун, 1904 йилда очилган Москва жомеъ масжиди реконструкция қилинган. Масжид жойлашган ҳудуд 964 квадрат метрдан 18 900 квадрат метрга кенгайтирилган. Бино олти қаватдан иборат, 7 та лифт билан жиҳозланган. Масжид бир пайтнинг ўзида 10 минггача кишини сиғдира олади.