Спорт | 02:38 / 11.07.2016
23355
2 дақиқада ўқилади

Европада янги чемпионлар: Роналду ва Португалия терма жамоаси

Париж шаҳридаги "Стад де Франс" стадиони Португалия ва Франция терма жамоалари ўртасида кечган Европа чемпионати финали мухлисларга фантастик оқшом тақдим этди.

Драматик саҳналар билан бошланган ўйин узоқ вақтгача мухлислар хотирасида сақланиб қоладиган бўлди.

Ўйиннинг 9-дақиқасида Португалия терма жамоаси етакчиси, тўртинчи марта турнирда иштирок этган Криштиану Роналду жароҳатланди. Бир марта тиббий ёрдам олиб майдонга қайтган футболчи, 25-дақиқада майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Унинг ўрнига ўйинни Рикарду Куарежма давом эттирди.

Ўйиннинг биринчи ва иккинчи бўлимларида Франция терма жамоаси футболчилари етакчисисиз қолган Португалия термасига қарши деярли ҳеч нарса қила олмади ва ўйиннинг асосий вақти голсиз дуранг билан якунланди.

Шундан сўнг ўйин ҳаками Марк Клаттенбургни қўшимча бўлимларга таклиф этди.

Ўйиннинг қўшимча бўлимида майдонга тушган Эдер тўпга биринчи тегинишда гол уриб, Португалияга ғалаба келтирди.

Роналду ва Португалия терма жамоаси Евро-2016 турнири чемпионига айланди.

Бунга қадар Португалия 2004 йилги қитъа чемпионатида финалга қадар етиб келган ва мезбон бўлишига қарамай Грецияга имкониятни бой берганди. Орадан 12 йил ўтиб Криштиану Роналду жамоадошлари биринчи бор Европа тахтига чиқди.

Португалия – Франция 1:0
Гол: 1:0 – 109 Эдер.
Португалия – Руй Патрисиу, Пепе, Геррейру, Соареш, Фонте, Адриен Силва (Моутинью, 66), Вильям Карвалью, Нани, Саншеш (Эдер, 79), Жоау Мариу, Роналду (Куарежма, 25).
Франция –    Льорис, Косьельни, Эвра, Санья, Умтити, Погба, Матюиди, Пайет (Коман, 58), Сиссоко (Марсьяль, 110), Гризманн, Жиру (Жиньяк, 78).
Огоҳлантиришлар: Соареш (34), Жоау Мариу (62), Умтити (80), Геррейру (95), Матюиди (97), Вильям Карвалью (98), Косьельни (107), Погба (115).