Тарихда илк марта БМТ бош котиблигига номзодлар орасида теледебат ўтказилди
БМТ бош котиблиги учун номзодлар ўртасида тарихда илк марта теледебат ўтказилди. Бундан мақсад ташкилотнинг тўққизинчи бош котиби барча учун имкон қадар очиқ бўлишига эришиш.
"Ал-Жазира" телеканали ўтказган дебатда БМТ бош котиблиги учун даъвогар 10 номзод иштирок этган. Уларнинг ҳар бирига қисқа тақдимот учун 1,5 дақиқадан ажратилган. Шундан сўнг улар БМТ Бош ассамблеяси аъзолари саволларига жавоблар қайтаришган. Шунингдек, модераторлар билан мунозара ўтказилган. Нью-Йоркда кечган дебатга Словакия ТИВ раҳбари Мирослав Лайчак ва македониялик дипломат Сржан Керим кела олмаган.
Номзодларга БМТ олдида турган вазифалар, хусусан глобал ривожланиш ва турли ҳудудлардаги инқироз ҳолатлари, ташкилотдаги ислоҳотлар, аёлларнинг дунё миқёсидаги муаммоларни ҳал этишга жалб қилиниши масалалари бўйича саволлар берилган.