Тошкент шаҳрида “Йил тарбиячиси – 2016” кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди
Тошкентда мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари ўртасида “Йил тарбиячиси – 2016” кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.
Танловда иштирок этган тарбиячиларнинг билим ва истеъдоди тўртта шарт бўйича синовдан ўтказилди. Тест синови, тарбиячиларнинг ўзлари ясаган дидактик материаллари тақдимоти, “Бугунги тарбиячи қандай бўлиши керак?” мавзуидаги чиқиш ҳамда эртак, ҳикоя ва масаллардан парча ижро этиш ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Фарғона вилояти Қувасой шаҳридаги 28-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Гуласал Зайнобиддинова биринчи ўринни қўлга киритди.
– Муассасамизда математика, нутқ ўстириш, саводхонлик, атроф-муҳит ва табиат билан танишиш, мусиқий тарбия, инглиз тили, жисмоний тарбия бўйича машғулотлар ўтказилади, – дейди Гуласал Зайнобиддинова. – Бу танловда қатнашиб, кўплаб ҳамкасбларимнинг тажрибасини ўргандим. “Сеҳрли сандиқча”, “Мўъжизакор қутича”, “Ажойиботлар олами” номли интерфаол усулдаги ишларим ҳакамларга маъқул бўлди.
Самарқанд шаҳридаги 60-махсус мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Мунаввар Қобилова иккинчи, Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 259-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Муниса Олимова учинчи ўринга лойиқ топилди.