Жаҳон | 18:57 / 01.08.2016
5010
1 дақиқада ўқилади

Ереванда полиция биносининг қўлга олиниши билан боғлиқ иш бўйича 47 киши қўлга олинган ёки ҳибс қилинган

Арманистон пойтахти Еревандаги полиция патруль-пост хизмати полкининг гаровга олиниши муносабати билан очилган иш бўйича 47 киши ҳибс қилинган ёки қўлга олинган. Бу ҳақда ТАСС нашри республика Миллий хавфсизлик хизматига асосланиб хабар берган.

Маълум қилинишича, 31 июль куни бинони ушлаб турган «Сасна црер» гуруҳи қуролларни топширишга розилигини билдирди.

"Шу тариқа икки ҳафта давом этган қарама-қаршилик якунланиш арафасида", деб маълум қилган нашр.

"Уларга Арманистон Жиноят кодексининг 2 моддаси бўйича айблов қўйилади, булар: бино, транспорт воситаси ва одамларни қурол воситасида гуруҳ бўлиб қўлга олиш ҳамда ноқонуний равишда қуролга эгалик қилиш", дейилган МХХ хабарида.

24 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг "Одамларни гаровга олиш" моддаси бўйича айблов эълон қилинган.