Иқтисодиёт | 14:39 / 02.08.2016
8831
2 дақиқада ўқилади

Туркиянинг исён туфайли кўрган иқтисодий зарари ҳисоблаб чиқилди

Туркия иқтисоди мамлакатда рўй берган ҳарбий давлат тўнтаришига уриниш туфайли 300 млрд лира (100 млрд доллар) миқдорида зарар кўрган. Бу ҳақда мамлакат Савдо ва Божхона ишлари вазири Булент Туфенкчининг маълумотига асосланиб Hurriyet Daily News хабар тарқатди.

"Агар биз йўқ бўлган барча ҳарбий самолётлар, вертолётлар ва қуроллар, ҳамда тартибсизликлар вақтида шикаст етган биноларни қўшадиган бўлсак, дастлабки ҳисобларга кўра зарар миқдори камида 300 млрд лирани ташкил қилади", деган вазир.

У бу рақамлар сайёҳлик соҳасидаги пасайиш туфайли ортиши эҳтимолини истисно этмаган.

Унинг қайд этишича, мамлакат бозори "қийин синов"ни бошдан кечирмоқда: Исён жума куни кечқурун рўй берган, лекин барча банклар душанба куни очилган ва фонд биржаси кўрсаткичлари камайиб кетган.

Вазирнинг сўзларига кўра, мамлакатда ҳарбий тўнтаришга уриниш оқибатида хориждан кўплаб буюртмалар бекор қилинди, сайёҳлар эса Туркияга ташриф қилишни бош тортди.