Жаҳон | 09:53 / 03.08.2016
4706
2 дақиқада ўқилади

Клинтон сайловчилар орасидаги нуфузи бўйича Трампни 8 фоизга ортда қолдирмоқда

АҚШ президентлигига Демократлар партиясида номзод бўлган Ҳиллари Клинтон республикачи рақиби Доналд Трампни аҳоли орасидаги машҳурлик даражаси бўйича ортда қолдирмоқда. Бу кўрсаткичлар Рейтер буюртмасига кўра Ipsos компанияси томонидан ўтказилган ижтимоий сўров якунларига кўра аниқланган.

Бугунги натижаларга кўра, сайловчиларнинг 43 фоизи Клинтон учун, 35 фоизи Трамп учун овоз беришини маълум қилган, яна 9 фоизлик киши бошқа номзодни афзал кўришини билдирган. Ижтимоий сўров 28 июль — 1 август кунлари ўтказилган ва унда 1,289 минг америкалик иштирок этган.

Шу тариқа, Клинтон хоним Трампдан аввалги сўров натижасида қайд этилган 6 пункт ўрнига 8 пунктга устун келмоқда. Ўтган ҳафтадан бери Клинтон Демократик партия съезди муваффақиятли ўтгани эвазига "бонус" қўлга киритгани айтилмоқда. Унинг рақиби Трамп эса дам олиш кунлари вақтида яна бир можаро гирдобида қолди, у ҳалок бўлган америкалик мусулмон аскар оиласи билан мунозарага киришгани учун танқидларга кўмилди.

АҚШ президентлиги учун сайлов шу йилнинг 8 ноябрида ўтказилади.