Қозоғистоннинг икки фуқароси қилмишига яраша жазо олди
Қозоғистон суди республиканинг икки нафар фуқаросига олти йиллик қамоқ жазоси тайинлади. Улар, маст қилувчи ичимлик таъсирида йўл полицияси ходими машина капотида бўлганига қарамай ҳаракатни давом эттирган, деб хабар қилган Ақтўбе вилоят суди матбуот хизмати.
Маҳкама жараёнида аниқланишича, шу йилнинг 23-апрелида Қарғали қишлоғилик Иван Корецкий, ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилганига қарамай, бунинг устига маст ҳолатда йўл полициясининг ҳужжатни кўрсатиш талабини бажармай, ҳаракатланишда давом этган. Шу билан бирга, ҳаракатланиш чоғида, машинани тўхтатиш учун транспорт воситаси капотига чиқиб олган полиция ходимини тушириб юбориш учун хавфли манёврларни амалга оширган. Машина ичида ўтирган маст йўловчи Михаил Шкиль эса, инспекторга шиша идиш билан бир неча марта жароҳат етказган. Шундан сўнг, инспектор унга нисбатан қуролдан фойдаланишга мажбур бўлган.
ОАВ хабарларига кўра, Корецкий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмагани боис, қочиб қолмоқчи бўлганини таъкидлаган. Бироқ, полиция ходими кутилмаганда капот устига сакраб чиқиб, огоҳлантирмасдан Шкилни оёғидан жароҳатлаган. Шкилнинг сўзларига кўра, у ҳеч кимни урмаган ҳам, зарар ҳам етказмаган, у аксинча дўстидан машинани тўхтатишни сўраган. Бироқ, ушбу иш бўйича жабрланувчи полициячи Талгат Бекетовнинг сўзларини эшитишнинг имкони бўлмаган. У суд мажлисидан бироз аввал автоҳалокатда ҳаётдан кўз юмган.