Жаҳон | 17:09 / 20.08.2016
9603
2 дақиқада ўқилади

Reuters: АҚШ армияси триллион долларлик ҳисоботларни сохталаштирмоқда

АҚШ мудофаа вазирлигининг бош инспектори июнь ойи ҳисоботида маълум қилишича, мамлакат армияси 2015 йилнинг биргина чорагидаги молиявий ҳисоботига 2,8 триллион долларлик "тўғирлашлар киритган", бутун бир йил ҳисоботига эса - 6,5 триллион долларлик ўзгаришлар. Бу ҳақида Reuters агентлиги маълум қилди. 

Шунга қарамай, АҚШ армияси ҳисоботида харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар етишмаяпти, тақдим этилган баъзи ҳисоботлар эса - сохта. Натижада Америка қуруқликдаги кучларининг 2015 йил учун молиявий ҳисоботи бузиб кўрсатилган. 

Мудофаа вазирлиги ва армия молиявий бошқаруви энди ресурсларни ажратишда бу бухгалтерлик маълумотларига таяна олишмайди. Сохталаштириш натижасида АҚШ Мудофаа вазирлиги бюджетни қай тариқа сарфлашини ажратиб олиш муаммога айланди. Янги ҳисобот ҳарбий бюджетнинг икки асосий бўлимларидан бири бўлган Умумий армия фондига алоҳида эътибор қаратади, бу фонд активлари 2015 йилда 282,6 миллиард долларни ташкил қилган. АҚШ Мудофаа вазирлигининг бюджети 2016 йилда 573 миллиард долларни ташкил қилади.

2017 йилнинг 30 сентябрида Мудофаа вазирининг комплекс аудити бўлиб ўтади. Ҳисобот билан боғлиқ ҳийлаларнинг ошкор бўлиши белгиланган муддатга риоя қилишни шубҳа остига қўяди. Вазирликнинг расмий вакили молиявий ҳисоботдаги ўзгаришларга у қадар жиддий эътибор бермади: "Бироз тўғирлашлар киритилган бўлса-да, тақдим этилган молиявий ҳисобот маърузада тахмин қилинганидан анча аниқроқ эканлигига ишончимиз  комил".  
 

Мавзуга оид