19:20 / 22.08.2016
10573

Instagram иловаси Android фойдаланувчилари томонидан миллиард марта юклаб олинди

Машҳур ижтимоий тармоқ (Instagram) бундай муваффақиятга эришган ўн тўққизинчи илова бўлди.

Суратлар ва видеотасмалар билан ўртоқлашадиган сервис Google Play'нинг иловалар дўконидан миллиард мартадан ортиқ юклаб олинди. Тармоқда атиги 500 млн фойдаланувчи рўйхатдан ўтгани ҳисобга олинса, бу жуда қизиқ, дея таъкидлайди Android Police нашри.

Эҳтимол, юклов ҳисоблагичи бир фойдаланувчи иловани қайта-қайта юклаб олиши мумкинлигини инобатга олмаса керак. Масалан, фойдаланувчилар ўз смартфони ёки планшетларига Instagram'ни юклаб олиб, кейинроқ уни ўчириб, яна қайта юклашади, тизим эса буни ҳар сафар ҳисобга олаверади. 

Бугунги кунда Instagram тармоғи Марк Цукерберг компаниясининг Google Play'дан миллиард марта юкланган тўртинчи иловаси ҳисобланади. Бундай кўрсаткичга биринчи бўлиб Facebook, ундан кейин WhatsApp ва учинчи бўлиб Messenger иловалари эришишган.

Ижтимоий тармоқнинг бепул иловаси умумий ҳисобда ўн тўққизинчи ўринни эгаллади. Манбага кўра, йигирманчи ўринда миллиард марта юкланган илова сифатида Snapchat қайд этилиши мумкин.

 

Top