Жаҳон | 18:51 / 22.08.2016
7743
3 дақиқада ўқилади

Туркия терроризм билан курашишда ШҲТ билан алоқани кучайтирмоқчи

Фото: © AFP

Туркия июль ойида мамлакатда рўй берган ҳарбий тўнтарув ҳаракатидан кейин Шанхай ҳамкорлик ташкилоти минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) билан алоқани мустаҳкамлаш ниятида. Бу ҳақида ШҲТ матбуот хизматидан хабар қилишди.

Маълумки, 16 июлга ўтар кечаси Туркияда бир гуруҳ исёнчилар ҳарбий тўнтарув ҳаракатини амалга оширмоқчи бўлишди. Асосий воқеалар Анқара ва Истанбулда бўлиб ўтди. Сўнгги маълумотларга кўра, бунинг натижасида 246 нафар турк фуқароси (исёнчиларни ҳисобга олмаганда) ҳалок бўлган, 2 мингдан ортиқ киши турли жароҳатлар олган. Исён ўз вақтида тўхтатилган. Туркия ҳукумати бу воқеада Фатҳуллоҳ Гуленни айбдор, деб топишди ва АҚШдан уни экстрадиция қилишни талаб қилишди. Гуленнинг ўзи эса исённи қоралади ва унга алоқаси йўқлигини маълум қилди. 

"Туркиядаги ҳарбий тўнтарув ҳаракати билан боғлиқ 15-16 июль воқеалари турк томоннинг ташаббуси остида Минтақавий аксилтеррор тузилма (МААТ) ижроия қўмитаси директор ўринбосари Чжоу Цин ва Туркиянинг Ўзбекистондаги дипломатик миссияси раҳбар ўринбосари Эржан Ўзтен ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинди", - дея маълум қилди МАТТ вакили. Жумладан, турк дипломати ҳарбий тўнтарув ҳаракатидан кейинги ҳолат ва янги шароитларда турк раҳбариятининг фаолияти қандай кечаётганлиги ҳақида маълумот берган. 

Ўзтеннинг сўзларига кўра, "вазият ташқаридан давлат тўнтарув ҳаракати сифатида кўринса-да, Туркия ҳукумати уни расман террорчилик ҳаракати сифатида кўриб чиқмоқда, зеро ҳужум уюштирганларнинг асосий мақсадлари тинч аҳоли, президент саройи, парламент биноси, турли давлат муассасалари, телекомпаниялар ва бошқа стратегик объектлар бўлган". 

"Турк дипломати террорчиликка қарши курашда барча мамлакатлар ва халқаро минтақавий ташкилотлар, шу жумладан ШҲТ МАТТ билан ҳамкорликни кучайтириш тарафдори бўлган Анқаранинг позициясини тасдиқлади. "

ШҲТ таркибига Ўзбекистон, Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон мамлакатлари киради. Белоруссия, Мўғулистон, Ҳиндистон, Покистон ва Афғонистон кузатувчи мақомига эга. МАТТ штаб-квартираси Тошкентда жойлашган. 

 

Мавзуга оид