Спорт | 09:04 / 21.09.2016
3879
1 дақиқада ўқилади

Канада термаси Жаҳон кубогидаги ғалабали юришини давом эттирди

Торонто шаҳрида бўлиб ўтаётган хоккей бўйича Жаҳон кубоги мусобақаларида Канада миллий терма жамоаси АҚШ терма жамоаси устидан 4:2 ҳисобида ишончли ғалабага эришиб, плей-офф босқичига чиқди. 

Канадаликлар таркибида шайбаларни Мэтт Дюшен (6-; 12-дақиқа), Кори Перри (7) ва Патрис Бержерон (29) киритишган бўлса, америкаликлар таркибида Райан Макдона (5) ва Ти Жей Оши (58) шайба муаллифи бўлишди.

Канада ва Европа термалари ўз ўйинларида ғалаба қозониб, мусобақанинг плей-офф босқичига йўлланмани нақд қилишди. 22 сентябрь куни гуруҳ босқичининг сўнгги турида улар тўртлик ғолибини аниқлаб олишади. 23 сентябрда америкаликлар ва чехлар ҳам ўзларининг сўнгги ўйинини ўтказишади. 

Мазкур мусобақа Канада кубогининг вориси ҳисобланади. Жаҳон кубоги номи остида 1996 ва 2004 йилларда икки бор беллашувлар ташкил этилган. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид