Жамият | 16:00 / 03.10.2016
13623
2 дақиқада ўқилади

Дунё мамлакатлари Африканинг "ақлли" тўтилари савдосини тақиқлашди

Африканинг кул ранг тўтилари инсон нутқига мукаммал тақлид қила олувчи энг ақлли қушлардан бири ҳисобланади. СИТЕС Конвенциясининг иштирокчи-мамлакатлари Африка кул ранг тўтилари савдосини тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақида  ташкилотнинг расмий сайтида маълум қилинди

Бу ҳафтада Жанубий Африканинг Йоханнесбургида Ёввойи флора ва фауна турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги  Конвенциянинг иштирокчи-мамлакатлари вакилларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтмоқда. Учрашув доирасида эколог ва дипломатлар ёввойи ҳайвонлар ҳаётига хавф солувчи муаммо ҳамда таҳдидларни муҳокама қилишди. 

Ҳозирча Африка кул ранг тўтилари (Psittacus erithacus) савдосини тўлиқ тақиқлаш - конвенциянинг асосий қарори бўлиб қолмоқда. Йиғилганларнинг 95 нафари бу қарорни қўллаб-қувватлашган, 35 нафари эса бунга қарши овоз берган. 

Йўқолиб кетиш хавфи остида қолган қушларнинг бу тури тахминан 100та сўзни эслаб қолиш ва инсон билан суҳбат қуриш қобилияти туфайли сўнгги йилларда жуда харидоргир бўлиб кетди. Шу боис қонуний савдогарлар ва браконьерлар ёввойи табиатда (Конго ҳавзаларида) бу ноёб қушларни оммавий таъқиб қила бошлашди. 

Экологларнинг кузатувларига кўра, 1970 йиллар бошидан буён  Африкадан 3 миллиондан ортиқ кул ранг тўти олиб чиқилган. 

"Бу қушлар жуда камайиб кетган, Бенин, Бурунди, Гвинея, Гвинея-Бисау, Кения, Руанда, Танзания ва Тогода улар буткул йўқолиб кетган. Агар сизнинг тўтингиз гапиришни билганида эди, у бу қарор учун "раҳмат" деган бўларди", - деди Ёввойи ҳайвонларни сақлаш жамиятидан Сюзан Либерман.

Мавзуга оид