Жаҳон | 14:35 / 09.10.2016
6102
2 дақиқада ўқилади

Маккейн аёлларга муносабати учун Трампни қўллаб-қувватлашдан бош тортди

Фото: AFP

Сенатда қуролли кучлар қўмитасини бошқарадиган республикачи сенатор Жон Маккейн маълум қилдики, у ўз партиясининг АҚШ президентлиги учун сайловдаги номзоди Дональд Трампни қўллаб-қувватламайди. Бунга ОАВда номзоднинг аёллар ҳақида ҳақоратли гаплар айтгани ошкор қилингани сабаб бўлди.

"Синди (сиёсатчининг рафиқаси - таҳр.) ва мен Дональд Трамп учун овоз бермаймиз. Мен ҳеч қачон сайловларда демократлар учун овоз бермаганман ва бу сафар ҳам шундай қолади. Биз Ҳиллари Клинтонни ҳам қўлламаймиз. Биз сайлов бюллетенига президентликка муносиб республикачи номини ёзишни истардик", дея Республикачилар партияси аъзосининг сўзларини келтирган АВС телеканали.

Бир қатор республикачи сенаторлар Трампга президентлик пойгасидан чиқишни маслаҳат беришмоқда.

Washington Post нашри 7 октябрда Трампнинг иштирокидаги 2005 йилдаги видеони чоп этди. Трамп унда аёлларга тегажоқлик қилиши билан мақтанган.

Бугун эса CNN телеканали ҳам Трамп иштирокидаги видеодан парча намойиш қилди.

Трамп ушбу ҳолат юзасидан омма олдида узр сўраб, "яхшироқ бўлишга" ваъда берди.

Лекин у ҳеч қачон пойгадан чиқмаслигини таъкидламоқда.

Бундан олдинроқ, Шварценеггер сайловда Трампга овоз бериш фикридан қайтгани ҳақида хабар қилинганди.

Мавзуга оид