Фан-техника | 16:36 / 11.10.2016
8019
2 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчилар энг технологик автомобиль русумларини аниқлаб беришди

Американинг J.D. Power тадқиқот компанияси энг яхши хавфсизлик, мультимедиа тизимлари ва электрон ёрдамчилар билан жиҳозланган автомобиллар рейтингини тузишди. Бу рўйхатда Hyundai ва BMW компанияларининг моделлари энг кўп ўрин эгаллади.

Шу йилнинг февралидан август ойигача ўтказилган тадқиқотда J.D. Power мутахассислари АҚШдаги 17 минг 864 нафар автомобиль эгаларининг фикрларини ўрганишган. Бунда охирги уч йилда янгиланган автомобиллар эътиборга олингани ҳолда, автомобилга эгалик қилиш муддати 90 кундан ошмаган бўлиши шарт қилинган. 

Таъкидланишича, ҳайдовчиларни тўқнашувларнинг олдини олишга ёрдам берувчи тизимлар кўпроқ маъқул келган. Гап, ҳайдовчига кўринмас ҳудудлардаги хавфдан огоҳ этувчи тизимлар, автомобилни бир йўлакда сақлаш тизими ва орқани кўрсатувчи камералар ҳақида бормоқда. Сўралганларнинг тўртдан уч қисми ушбу функциялардан доимий равишда фойдаланишларини маълум қилишган. Тадқиқотда иштирок этганларнинг 96 фоизи эса, ўзларининг янги автомобилларида ҳам шу каби ёрдамчилар бўлишини хоҳлашган. 

Ҳайдовчилар қониқмаган тизимлар орасида навигация биринчи ўринни эгаллаган. Сўралганларнинг атиги 43 фоизи автомобилга ўрнатилган навигациядан фойдаланганини айтишган. Эътиборли жиҳати, улар транспорт воситасини бир ойлар бошқаргач, бу тизимдан умуман фойдаланмаган. 

J.D. Power компаниясига кўра, ҳайдовчиларнинг электрон тизимлардан қониқиш ҳосил қилиш даражаси дилерларнинг ўз мижозларига улардан фойдаланишни ўргатишларига боғлиқ. Бевосита сотувчидан автомобилдаги турли хил электрон тизимлардан фойдаланишни ўрганган ҳайдовчиларнинг 25-54 фоизи бошқаларга қараганда ўз автомобилларидан кўнгли тўлганини айтишган. 

Мавзуга оид