Жаҳон | 22:26 / 19.10.2016
10741
2 дақиқада ўқилади

Россия тарафдорлари ва рақиблари ГФРнинг Берлиндаги идораси ёнида тўпланишди

Фото: Twitter.com/ Sham Center

Россия ташқи сиёсатининг тарафдорлари ва рақиблари Берлиндаги "Норманд тўртлиги" учрашуви бўлиб ўтадиган федерал канцлер идораси ёнида тўпланишди. Бу ҳақида ТАСС агентлиги хабар берди. 

"Россия — НАТО экспансияси, империализм экспансиясига қарши чиқаётган ягона мамлакат", - дея намойиш ташкилотчисининг сўзларини келтиради агентлик. Маълум бўлишича, намойиш ташкилотчиси - Германиянинг "Оналар урушга қарши: Берлин Бранденбург" уюшмаси раҳбари Бригитта Квекк. 

Унинг сўзларига кўра, Россия тарафдорлари Минск келишуви бўйича Украинанинг ўз мажбуриятларини бажармаётганига эътиборни жалб этиш мақсадида тўпланишган. 

Бундан ташқари, йиғилганлар Суриядаги вазиятга ўз муносабатларини билдиришди. 

"Биз АҚШ ва уларнинг Югославия ҳамда Ливиядаги иттифоқдошларининг бир томонлама ҳаракатлари нимага олиб келганини кўрдик. Россия ҳозирда худди шу сценарийнинг Сурияда такрорланишига қарши чиқмоқда", - деди намойиш ташкилотчиси. 

Акция иштирокчилари ўзлари билан бирга Донбасс аҳолисини қўллаб-қувватловчи плакатлар, Россия ва Сурия ҳукумати байроқларини олиб келишган, шу билан бирга вақти-вақти билан "Яшасин Россия!" деган ҳайқириқлар эшитилмоқда. 

Россия ташқи сиёсатининг рақиблари эса Украина байроғи ва Сурия мухолифатини  қўллаб-қувватловчи шиорлар билан намоён бўлишди. 

 

Мавзуга оид