Жаҳон Иқтисодий форуми Ҳисобот (The Global Gender Gap) эълон қилди. Ўтказилган тадқиқот натижаларига қараганда, хотин-қизлар эркакларга нисбатан бир йилда 39 кун кўпроқ ишлар экан. БМТ Болалар Жамғармаси (ЮНИСЕФ) тадқиқотларига қараганда эса, қизлар ўғил болаларга нисбатан бирор ишни бажаришда 40 фоиз кўп вақт сарфлар экан. Маълум бўлишича, аёллар бир кунда эркакларга қараганда 50 дақиқа кўпроқ ўз вақтини ишхонада ўтказади. Шу сабабли ҳам таҳлилчилар сайёрамизда ҳамон гендер тенглигига амал қилинмаётганини айтишади. Шуни эслатиб ўтиш керак-ки, 2014 йилда эълон қилинган Ҳисоботда сўнгги йилларда аёлларнинг сиёсат ва иқтисодиётга кенг жалб қилиниши туфайли жаҳонда гендер тенглиги борасида бир қатор ютуқлар қўлга киритилгани таъкидланганди. Сўнгги вақтларда жамиятда аёлларнинг мавқеи мустаҳамланиб бораётгани яққол кўзга ташланмоқда, десак янглишмаган бўламиз. Кузатувчиларнинг фикрича, сиёсат кенг тарқалаётган касблардан бирига айланиб қолди. Бу касбга билим ва тафаккурга эга, раҳбарлик қобилияти бор ва ўзини кўрсатиш ниятида бўлган аёллар ҳам кенг жалб қилинмоқда.
Жамият тараққиёти бир ерда қотиб турмайди. Авваллари аёллар фақат уй-ишлари, бола тарбияси билан шуғулланиши керак, деган фикрлар мавжуд эди. Эндиликда эса жамият ишларида аёлларнинг кенг иштирокига ҳеч ким таажжуб билан қарамайдиган бўлиб қолди. Масалан, сиёсатга аралашиб қолган эркакнинг рафиқаси ҳам турмуш ўртоғи билан бирга турли тадбирларда иштирок этар экан, ўзи билмаган ҳолда сиёсатга кириб қолади. Хотин-қизлар эркаклар билан тенг ҳуқуқли бўлиш билан бир қаторда сиёсатда ўзларини кўрсатиш имкониятларига эга бўлишди. Бироқ тан олиш керак, айрим мамлакатларда аёлларнинг ўрни ошхонада, деган қарашлар ҳам буткул йўқолмаган.

Ривожланишнинг энг ўткир муаммоларидан бири тенгликка эришишдир. Бироқ ривожланиш амалиётининг таҳлили шуни кўрсатадики, хотин-қизлар кўпинча ривожланиш жараёнидан четда қолади ва ҳатто унда иштирок этган тақдирда ҳам ривожланиш лойиҳаларини натижалари эркаклар ва хотин-қизларга турлича таъсир кўрсатган. Эркак ва аёлларнинг ҳатти-ҳаракати ижтимоий ва маданий характеристикаларини аниқроқ фарқлаш учун гендер атамаси қабул қилинган. Гендер (инглизча гендер – “зот” ) жинс тушунчасини физологик воқелик жараёни бўлган ижтимоий конструкция сифатида белгилайди. “Гендер” тушунчасининг киритилиши шуни англашга ёрдам берадики, жамиятдаги эркаклар ва хотин-қизлар ролларини ижтимоий жиҳатдан фарқлайди ва белгилайди. Гендер концепциясига мувофиқ, ривожланиш бўйича фаолиятда “Хотин-қизлар ривожланишда” (Women and Development) шиоридан “Гендер ва ривожланиш” (Gender and Development) шиорига ўтиши амалга оширилади.
Гендер тенглиги – аёллар ва эркаклар, қизлар ва ўғил болалар учун тенг ҳуқуқ, масъулият, имконият, қадрият ва натижалардир. Гендер тенглиги фақат аёлларга тааллуқли масала бўлмасдан у, эркаклар ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳам англатади. Чунки жамият хар икки жинсдан гендер нормалари ва стандартларига мувофиқ ҳаракат қилишни кутади. Тенглик аёллар ва эркаклар бир хил бўлиб қолишини билдирмайди. Лекин уларнинг ҳуқуқлари, масъулияти ва тенглиги ўзлари қиз ёки ўғил бола бўлиб туғилганларига боғлиқдир. Гендер тенглиги аёлларнинг ҳам, эркакларнинг ҳам манфаатлари, эҳтиёжлари ва устуворликлари ҳисобга олинганлигини кўрсатади.















